«МЕНИ ТАНҚИД ҚИЛИНГ…» (миш-миш ҳажвия)

Эътибор бераётган бўлсангиз, бугун матбуот оламида катта ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Газета ва журналларга обуна бўлган фуқароларнинг ҳам, матбуот дўконларидан газета-журнал сотиб олиб ўқийдиган кишиларнинг ҳам турли миш-мишлар, олди-қочдилар, ашулачиларнинг ўта шахсий ишлари тафсилотлари ёритиладиган мақолаларни кўрганда ғашлари келаётгани, тутуриқсиз мақолаларни умуман ўқимаётганлари кузатилмоқда.
Бундан ташқари, жуда кўп раҳбарларнинг ўз идораларига келаётган мухбирлардан:

— Мени мақтагани келдингизми ёки ишларимизни танқид қилганими? — дея сўраётганлари ва:

— Мабодо мақтамоқчи бўлсангиз, бунинг ҳеч зарурати йўқ, агар холис танқид қилиб, камчиликларимизни рўй-рост кўрсатиб бермоқчи бўлсангиз, марҳамат, Сизга барча шароитларни яратиб берамиз, фаолиятимизни бемалол ўрганаверасиз, — деяётганлари ҳақидаги ҳозирча исботланмаган хабарлар ҳам келмоқда.
Ёпирай! Бундан чиқди, кўпчилик раҳбарлар ўзлари ҳақидаги мақтовлардан уяла бошлабдилар-да! Ўзлари лойиқ бўлмаган мақтовлардан уяла бошлаганларидан билса бўладики, улар матбуот ходимларидан анча илгарилаб кетишибди.
Бундан сал олдинроқ айрим раҳбарлар танқидий мақолаларни кўп ёзадиган газета ва журналларнинг мухбирларидан худди мушук сувдан чўчигандек чўчир, ҳадиксирар, уларнинг ташрифидан хавфсирар эдилар. Гўё танқид қилинса, осмон узилиб бошларига тушадигандек!
Ёрдамчиларига:
— Мухбирлар келиб қолгудек бўлса, қабулхонадан қайтариб юбор. Мени йўқ деб айт, мажлисдалар де! Нима қилсанг қил, лекин мени мухбир зотига рўбарў қилма! – деб тайинлайдиган раҳбарлар ҳам оз эмас эди. Агар оммавий ахборот воситалари орқали чиқиш қилишлари лозим бўлиб қолса, бу соҳанинг мақташга «ихтисослашган», «хос» мухбирларини чақиришар эди. Бугун эса аҳвол бошқача. Кўп раҳбарлар ўз ташкилот ва корхоналарига фельетончи журналистларни таклиф қилишмоқда. Аммо…
Масаланинг бошқа томони кишини ўйлантиради. Гап шундаки, холис танқидий-таҳлилий мақола, кўрсатув ёки эшиттиришлар тайёрлай оладиган журналистлар сони жуда оз экан. Борлари ҳам, танқидий фикрларни айта оладиган журналистларни қидириб юрган раҳбарлар орасида талаш бўлиб кетишаётганмиш. Бу журналистлар ўзларини қидириб юрган раҳбарлардан навбатга ёзилишни сўраётганмишлар, чунки ўзини журналистга танқид қилдиришни истовчилар бугун жуда-жуда кўпайиб кетганмиш…

Абдужаббор ИСОМИДИН

«Маърифат саодати» газетасининг 2017 йил 1 июл сонидан олинди

1+