МАҚСАД – «ОЛМАХОН ҒИЛДИРАГИ»ДА АЙЛАНИШМИ?

Ўтаётган икки йил ичида анча-мунча ўзгаришларни кўрдик. Қанчадан-қанча «жонфидо»нинг юзидаги ниқоби юлиниб, «жонўртар», «жон олар» экани билиниб қолди. Тўсатдан кўтарилган ошкоралик шамоли кўпчиликнинг қон босимини оширди, юрагини ғижимлаб қўйди. Бечораларга «чора» деб чуқур чўнтагини тўлдирганларнинг, қанча шўрликнинг ҳаққини жиғилдонига урганларнинг, сўнг минбарларда соатлаб «ободлик, тўқлик, фаровонлик» ҳақида ваъз ўқиганларнинг анча-мунчасини яхши таниб олдик.

Ёшлар-чи?! Шунча йил қишлоғу овулда, ҳатто, пойтахти азимда ҳам уюшмай юрган, ўзбилармон, ўзига хон – кўланкаси майдон, иш жойи нотайин, хорижда саргардонлари талай экан-у, очиқ кўзларимиз кўрмаган экан! Яна қанчаси қолди экан уюшмаган?..

Кунда, кунора нафс тўрига илинганларнинг неча-нечаси телевидение орқали фош этиляпти. Қанча-қанчасининг тавба-тазаррусини эшитяпмиз. Мансабдорини ҳам, амали зўри-ю, қўли узунини ҳам аяшмаяпти. Порахўрлик қон-қонимизга сингиб кетганини ҳар куни эслатиб туришибди. «Хайрият, бунақалар яна биттага камайибди-ку, ҳарна-да», дея ўзимизни юпатишга ўтдик. Билмаймизки, коррупцияга қарши курашаётган ташкилотларнинг ўзи порага ўчлигини, тизими ич-ичидан патос бойлаб кетганини…

Таълимни ислоҳ этиш керак, дедик. Тузукроқ ишламай туриб, ҳаммамиз бараварига янги алифбога ёпишдик. Эскисини ҳам ёлчитмагандик, энди янгисига умид боғлаяпмиз. Ният – яна чаласавод авлодни шакллантиришми?..

Хуллас, икки йилдан буён журналист, амалдор-у мансабпараст, лаганбардор-у ишбилармон тиним билмай, кунни тун демай, ҳориб-шошиб ишлаётир-у, натижаси нуқул нол чиқаётгандек. Сизга ҳам шундай туюляптими?

Масалан, ўзбекнинг тўйини ихчам, шинам, ботартиб ўтказиш ҳақида бонг уриляпти, лекин ҳар ким ўз билганича, ўз тутумича иш кўраётир. Кеча катта чорраҳадан йигирма иккита (!) тим қора иномарка ғизиллаб, бир-бировига йўл бермай келин-куёвни, келин дугоналарини, жияну бола-бақрани олиб кетаётганини ўз кўзларим билан кўрдим. Тўй базмларимиз ҳалиям ўша-ўша – асъасаю дабдаба билан ўтяпти. Туғруқхонадан жимитдек чақалоқни беш-олти улов турнақатор бўлиб олиб чиқяпти, онасининг сутидан бошқа таомни билмайдиган гўдакка тоғора-тоғора овқат буюртма қилиняпти… Нима, буларга ҳукумат қарори-ю, халқ фикри бир тийинми?!

…Ёмғирда ботқоқликка айланадиган, саратонда чанг-тупроқ кўз очирмайдиган кўчалардан товони ейилган бошмоғида мактабга йиллаб қатнаган болаларнинг қайсидир бир амалдорнинг ташрифи сабаб бир кундаёқ теп-текис қилиб асфальтланган, чиннидек ярқиратиб тозаланган йўлдан ўтаётганида нималарни ўйлаши билан ҳеч қизиққанмисиз? Улар бундан қандай хулоса чиқаришади сизнингча? Сохталикни ўрганишадими? Хушомадгўйликними? Ёки амалдор зотидан қўрқиш кераклигиними?..

Телевизор мурватини қай каналга бурмай, барида (айниқса, давлат каналларида) баҳс-мунозара, муаммо-масала, кўргилигу билгилик… Танқид қил, деса улоқни бошқага бермай, бир кўзли камерасини чор атрофга тўғрилаб, пайдар-пай чопаётган журналист, мухбирлар сероб бугун, бироқ амалда нима аҳвол? Бу югур-югур, текшир-текширларнинг самараси қани? Тўй-ҳашамларни, пора олганларни, амалини суиистеъмол қилганларни, таълимдаги савиясизликларни, коррупцияни, таниш-билишчиликни, бюрократизмни, илм-фанда сустликни, тиббиётда нўноқликни, таъмагирликларни ҳиссиётларга берилиб, ҳаяжонга тушиб, кўмир кондан тилла топган кўмирчидек ҳовлиқиб ошкор этаяпмиз-у, натижани ҳисоблаётганда ҳар тарафдан ноллар қуршовида қолаётгандекмиз…

Мен буни «олмахон ғилдираги»га менгзадим: айланасиз, айланаверасиз, худдики йўл босаётгандек, масофалар қисқараётгандек туюлади, аслида ҳеч нима рўй бермайди! Ҳеч нима! Куйиб-пишасиз, қувват сарфлайсиз, кейин қарасангиз, бир қадам ҳам олға силжимаган бўлиб чиқасиз…

Университетда ўқиётганимда бир ўқитувчимиз:

— Ўртамиёналик ёмон. Касбингизнинг устаси, чин профессионали бўлсангизгина ютасиз. Агар саёз жойда сузаверсангиз, ўзингизни ҳам, давлатни ҳам чўктирасиз, — дерди.

Муаммоларимизнинг барини тегишли давлат идоралари, мансабдорлар, тили ва қўли узунларгина ҳал этмайди. Ҳар қандай масаланинг чигилини ечиш ўзимизга боғлиқ. Бизлар инсон омилини тушуниб етмадик ҳамон. Агар ўзлигимиздан тонмай, ҳар ким зиммасидаги ишни виждонан бажарса, касбининг асрорини пухта ўрганса, саёзликдан қочиб, чинакам илм йўлидан юрса, «олмахон ғилдираги»да тинмай айланавермас эдик.

Чарос НИЗОМИДДИНОВА

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 1-сонидан олинди

1+