«МАЪРИФАТ САОДАТИ» ГАЗЕТАСИНИНГ 2019 ЙИЛДАГИ 4-СОНИДА:

  1. ХАЛҚ ДАВЛАТГА ЁРДАМ БЕРИШИ КЕРАК –

«…Ҳамма нарсани «давлат»га ташлаб қўйиш ярамайди. Йўқолган одамларни топиш милициянинг иши, деб бефарқ бўлиш; коррупцияга қарши курашиш менинг ишим эмас, деб иллатларга кўз юмиб кетиш; жиноятни кўрганда аҳамият бермаслик — бу билан биз ривожланган, яшаш учун қулай жамиятга айланмаймиз. Ўзбекистон ривожланишини хоҳласак, ҳамма нарсани давлатдан кутмай, ўзимиз ҳам ҳаракат қилишимиз керак…»

 

  1. ЁМОНЛАРНИНГ ТЎҚ ВАҚТИДАН САҚЛАНИНГ –

«…Ўз ризқингиз учун ўзингиз жаҳд этингиз, бошқа кишиларга ишониб қолмангиз – бу нарса ёлғиз қабрда ётганларга ярашур бир ҳолдир.

Ичларини яхши англамаган зотларингизнинг сиртларидан кўриб хулоса чиқармангиз.

Яхши кимсаларнинг оч ва ёмон кимсаларнинг тўқ вақтларидан сақланингиз…»

 

  1. БИР БОЛАГА ЕТТИ МАҲАЛЛА… ТАЪСИР ҚИЛАДИ –

«…Ота-онанинг теварак-атрофдаги яқин ва бегона одамлар билан қандай муомала қилиши ҳам болага ўз туйғуларини саралаш учун энг зўр тажриба мактаби, синов майдони бўлиб хизмат қилади. Бунда отанинг дўстлари, улфатлари, онанинг дугоналари, амма-холалар, амакилар, тоғалар – энг таъсирчан «кўргазмали қурол». Улар орасидан ота ва онанинг кимни ва нима учун яхши кўриши, ҳурмат қилиши эса бола учун энг зўр ўқув амалиёти китобининг ўрнини босади. 

Хуллас, «Бола бегоналар олдида ёлғон гапирса, ота-онаси уялади; агар рост гапирса, ер ёрилиб, ерга киргудек бўлишади», деб айтилиши беҳуда эмас.  «Болаларга ахлоқ-одобни қанчалик ўргатманг, улар барибир ўзларини худди ота-оналаридек тутишади…»

 

  1. ДАВЛАТНИНГ ТЕКИНХЎРЛАРИ –

Ҳар бир давлатнинг ўз текинхўрлари бўлади. Улар беш тоифага бўлинади. Агар ҳукмдорлар бундай кимсаларни таг-томири билан йўқотиб, рисоладагидай фуқароларни тарбиялай билмасалар, оламда ҳалокатга маҳкум давлатлар сони кўпаяверади.

Ҳар қандай давлатга таҳдил солувчи ўша беш тоифа кимлар эканини билмоқчи бўлсангиз, мазкур мақолани ўқиб чиқинг.

 

  1. ЛАГАНБАРДОРМИСИЗ? –

«…Бировга шундай савол берсангиз, бир сапчиб тушиши аниқ. «Нега унақа деяпсан?» дея ёқангизга ёпишса ҳам ажабланмайман. Чунки лаганбардорлик – ҳазар лозим бўлган иллат. Ва бу иллатнинг тарихи ҳам узун. Қадимги бой ва боёнлар атрофида пойи патак, барча юмушига ҳозиру нозир бўлган «иллати» – лаганбардорлар, худди ҳайвон терисига кириб олган қурт янглиғ у зодагон, дасти узун одамларни ичдан емириб, охири қулатган. Ана шу иллат бизнинг кунларимизга келиб иккинчи умрини яшамоқда…»

 

  1. МУСИБАТ ЧОҒИДА ҲАДДАН ОШГАНЛАР… –

«…Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Юзларига урадиган, ёқаларини йиртадиган ва жоҳилият даъволари билан бақириб-чақирадиган кимсалар биздан эмас» (Бухорий ривояти).

Мазукур ҳадисда баён қилинган ноўрин хатти-ҳаракатлар ҳаром эканлигига уламолар иттифоқ қилишган. Худди шунингдек, мусибат чоғида сочини ёйиб олиш, яноқларига шапатилаш, юзни юмдалаш ва ўзига ўлим – ҳалокат тилаш ҳам ҳаромдир.

Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Инсонлар ўзларидаги нарса сабабли: насабга таъна қилиш ва мусибат чоғида дод-вой солиб йиғлаш билан кофир бўладилар» (Муслим ривояти).

Яна айтдилар: «Дод-вой солиб йиғлаганликлари сабабли маййит қабрда азобланади» (Бухорий ва Муслим ривояти)…»

 

  1. ҲАРОМХЎРЛИК ОДАТИЙ ТУС ОЛСА… –

«…Ҳалол ва ҳаром ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан аллақачон фарқланган. Фарзандларга ҳалол луқма едириш ҳар бир ота-она зиммасидаги катта иш.

Агар жамият фасодга, инқирозга учраса, унинг сабабини ўша жамиятда ҳаромхўрлик иллати одатий тус олганидан излаш керак. Эҳтимол, ҳаром нон билан қорин тўйғизадиганлар семирарлар, қўша-қўша машина миниб, қават-қават уйлар қурарлар. Ҳаром пул баҳайбат бино кўринишини олар. Ғаройиб нусха автоуловларга айланар… Лекин бир кунмас бир кун шу қилмишларнинг жабрини тортилади:

денгизда кетаётган кемани сичқон кемириб, кема мол-мулкию эгаси билан сувга ғарқ бўлади;

оиладаги кимнингдир бепарволиги боис, учқундан аланга чиқиб, кошоналар кулга айланади;

йўлда ҳайдовчининг бехосдан кўзи илиниб, ғаройиб улов қирқпарчин бўлади;

кимнингдир боши беморхонадан чиқмайди;

яна кимнингдир бири икки бўлмайди…»

 

  1. ОЛИМНИНГ БОЙ БЎЛМАГАНИ УЯТМИ? –

«…Олимлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, уларнинг илми ҳам, дунёдаги бир нечта тилларни билиши ҳам, мураккаб масалаларни ҳал қила олиш салоҳияти ҳам эшактабиат бўлишларига монелик қилолмайди…»

 

  1. ХАЛҚ ВА ЖАМИЯТ –

«…Жамият ўз тилини қўйиб, ажнабий тилларда гапиради, халқ эса ўз тилига содиқ.

Жамиятда – ажнабийлар модаси, халқда – ўз расм-русумлари.

Жамият ажнабийлар либосида юради, халқ эса ўз либосида.
Жамиятнинг аксарият қисми тансиқ таомлар билан овқатланади, халқ эса нима топса, шуни ейди.

Жамият ишласа ҳам паркет ва гиламлар устида ишлайди. Халқ эса тупроқ ва лой кечиб ишлаб, елкасининг яғирини яширишга ҳаракат қилади…»

 

  1. КИБРЛИ БОШЛИҚҚА НАСИҲАТ –

«…Эй сен, кўп одамларга амр этувчи бошлиқ, мутасадди!

Одамларинг эришган зафарлар сени мағрур этмасин! Уларнинг сенинг амрингга мунтазир бўлмоқлари, олдингдан ва орқангдан мунтазам эргашувчи ходимларингнинг тез суръат-ла югуришлари, қўл остингдагиларнинг сенинг олдингда қўрқиб, қалтираб туришлари, амр-фармонингга итоат этишларидан ва бир ишнинг тезроқ бажарилишини истаганингда қўл остингдагилар уни тез ва тўлиқ бажаришларидан сен кибр ва ғурур ҳосил қилма. Катта ишлар қилишга моҳирлигинг, дастинг узунлиги сени ғурурлантирмасин…»

 

  1. КАМЕРА ОЛДИДА –

«…Жуда кўпчилигимиз уйдан ташқарига чиққанда тамоман ўзгарамиз. Гарчи маҳалла-кўйда ўн мирилик обрў-эътиборимиз бўлмаса ҳам, шох ташлаб, ўтган кетганларнинг эътиборини қозониш учун ҳаракат қиламиз,чиранамиз. Таниган ва танимаган одамларга эҳтиром билан салом берамиз, қўл узатса, назокат кўрсатамиз.  Гўё шундоқ қилинса, обрў-эътиборимиз ошадигандай…

Аслида шундайми?

Мен кўпдан шу ҳақида ўйлайман. Нега одамлар бунчалар турланиб, турли  қиёфаларга киришади? Уввало, қирчанғи отдек чопқиллама, барибир сенинг ким эканингни эл билади-ку, нодон!

Яхши билган одамингиз, тўғрироғи одамларингизнинг заҳар томган чеҳраларини кулимсираган ниқоб остига яшириб, омма олдида минг хил тусда товланганини кўрганда «Ё, алҳазар!» деб  ёқа ушлайсиз…»

 

  1. ТАЪМАГИРЛИКЛАР ҚАЧОН ТУГАЙДИ? –

«…Шаҳарларни билмадим, лекин чекка туманларда ҳамон таъмагирликлар, халқни сарсон қилишлар давом этмоқда.

Қиш-қировли кунларда давлат томонидан халқ учун ажратилган ёқилғи маҳсулотларини пуллашлар;

ижтимоий ёрдам учун берилган пулларни ўз вақтида бермаслик;

байрамлар муносабати билан кам таъминланган оилалар учун ажратилган кўмакларни “туя” қилишлар… Эҳ-ҳе, буларнинг қайси бирини айтай?!

Мен ишлайдиган ташкилотда вилоят ҳокими бир неча марта халқ қабулини ўтказди. Шикоятчилар шунчалик кўп эдики, ҳокимнинг шошиб қолгани яққол сезилди.

– Туман ҳокимлари нима иш қилишяпти? Шунча одам шикоят билан келибди. Ҳаммаси туманлардан. Нима, одамларнинг оғирини енгил қилиш туман ҳокимлари ва тегишли мутасадди ташкилотларнинг вазифасига кирмайдими? – деб жаҳл ҳам қилди. Кўпчиликнинг муаммосини ўша ернинг ўзида ҳал этиб берди. Бу жойгача олиб келиш шарт бўлмаган муаммолар ҳам кўп экан – туманлар ҳокимиятида, тегишли идораларда бу шикоятчиларга нисбатан совуққонлик, эътиборсизлик (ёки таъмагирлик) қилинган, натижада арзимаган муаммолар ҳам ечилмай қолаверган.

Чекка жойларда кўп амалдорлар “хонанишин”. Кўзини ёғ босиб, бир қадам нарини кўра олмайдиган бўлиб қолган. Халқ эса ҳамон овора…»

 

  1. ФАҲМ-ФАРОСАТ ДАРАЖАСИ –

«…Бир куни денг, вилоятларимиздан биридаги қишлоққа боришга тўғри келди. Ёнимизда хорижлик мутахассис – меҳмонимиз ҳам бор. Роса ўрик пишган пайт. Айтилган бир хонадонга кириб бордик. Мезбон меҳмондорчиликни жойига қўйди, тўкин дастурхон устида ажойиб суҳбатлар бўлди. Меҳмонимизнинг ўзбекона қадриятларга, меҳмондўстлигимизга ҳаваси келди, мева ва полиз маҳсулотлари гуркираб ётган томорқаларни ҳайрат билан кузатди. Кейин биздан ошхона, ҳаммом, ҳожатхона қаерда жойлашганини сўраб қолди-ку… Ноилож, таништирдик. Ошхона деб – ялангликка қурилган иккита ўчоқни кўрсатдик. Ҳаммом ўрнига ариқда оқаётган сувни кўрсатдик. Ҳожатхонани-ку гапирмай қўя қолай, амаллаб пана қилиб қўйилган жой экан, меҳмон аранг кириб чиқди. Ҳожатхонанинг шундоққина ёнида қантак ўрик ғарқ пишиб ётибди, ҳовли эгасининг ўғли ҳафсала билан ўрик териб, молхонасининг лойсувоқ томига олиб чиқиб қуритаётган экан. Меҳмон бироз аввал дастурхонга қўйилган ўрикни мақтаб-мақтаб еганди… Кўнгли ағдарилиб кетганини сездик, лекин, маданиятли одам эмасми, бизга сездирмади. Унинг олдида шунақа мулзам бўлдикки, қўяверасиз…»

 

  1. АҲМОҚНИНГ «ШОХ-БУТОҒИ» КЎП

«…Эътироз билдиришга шошилманг, ҳаммамиз биладиган (“Аҳмоқнинг “шох-бутоғи” йўқ” деган) маълум ва машҳур мақолимизни асло инкор этмоқчи эмасмиз.

Аҳмоқларни сахти-сумбатига қараб бошқалардан сира ажратиб бўлмайди. Ҳеч қанақа алоҳида белгилари йўқ. Пешоналарига аҳмоқ деб ҳам ёзиб қўйилмаган. Лекин мантиқсиз гап-сўзлари, феъл-атворлари, амаллари билан ўзларини ўзлари фош қилиб, гўё “Эй, рисоладаги одамлар, огоҳ бўлингларки, биз сизларга ўхшамаймиз. Бизнинг ўзимизга хос, ўзимизга мос “шоху-бутоқ”ларимиз бор”, деб туришади. Уларнинг “шох-бутоғи”битта ёки иккита эмас, анчагина…»

 

  1. КАДРЛАР ТАНҚИСЛИГИ: САБАБ ВА ОҚИБАТЛАР –

«…Бугун юртимиздаги барча соҳаларда ўзгаришлар, ислоҳотлар, янгиланишлар амалга ошириляпти. Бу ўзгаришлар малакали, билимли, тажрибали, фидойи, ҳалол ва олийжаноб мутахассисларсиз амалга ошмаслиги кундек равшан. Лекин охирги вақтларда жуда кўп соҳаларда раҳбар кадрлар алмашинуви тез-тез кузатилмоқда. Нима учун? 32 миллионли Ўзбекистонда бирор вазирлик ёки ташкилот, бўлим ёки бошқармани кўнгилдагидек бошқара оладиган кадрлар топилмайди деб ўйлайсизми? Менимча етарлича, керагидан ортиқ топилади. Бироқ баъзилари соҳадаги адолатсизликлар сабабли қўлини ювиб қўлтиғига урган, айримлари муносиб меҳнат шароити, муносиб муносабат шаклланган, кучли мутахассислар қадрланадиган давлатларга чиқиб кетган. Яна аксарият кўпчилик эса дипломгача ҳам етиб бора олмай, иқтидори, интилишлари, куч-ғайратини тирикчилик йўлида қурбон қилиб юборган.

Натижада бутун бошли мамлакатда “Кадрлар танқислиги синдроми” вужудга келди…»

 

Шунингдек, газетанинг бу сонида:

«ОИЛАМИЗ ПОЙДЕВОРИ МУСТАҲКАММИ?»,

«ҲАЁТИЙ» МАҚОЛА»,

«ЁНАЁТГАН ГАЗЕТА»,

«ИСНОД»,

«БОЛАНГИЗНИ СЕРИАЛЛАРГА БОЙ БЕРМАНГ!»

«ИНСОФГА КЕЛМОҚНИНГ БОИСИ» сингари таҳлилий, танқидий, дангал муносабатлар ва дадил мулоҳазаларга бой мақолаларни ҳам ўқийсиз.

Газетани барча матбуот дўконларидан сўранг.

«Маърифат саодати» – эскирмайдиган газета!

2+