«МАЪРИФАТ САОДАТИ» ГАЗЕТАСИНИНГ 2019 ЙИЛДАГИ 3-СОНИДА

  1. КИТОБСИЗЛАНИШ ФОЖЕАСИ –

«…Телевидение, радио, мобиль алоқа, интернет, 5D ўлчамдаги кинотеатрлар ва бошқа технологиялар тараққий этган даврда одамларнинг китобдан, мутолаадан узоқлашиб кетаётгани ҳақида кўп гапиряпмиз. Кўчаларда, бекатларда ё бозорларда қўлида бир «блок» ароқ кўтарган кишини кўрсак бепарво ўтамиз-у, бир даста китоб кўтарган одам кўзимизга алланечук ғалати кўринади (эсимда, ўзаро суҳбатларимиздан бирида бир ўсмир йигитча «китоб кўтариб юришдан уяламан», деганди)…»

 

  1. ЁЗУВЧИ ВА ЦЕНЗОР –

«…- Ҳар қандай Ҳақиқат ҳам чоп қилинавермайди, – деди Цензор қатъий.

– Нега энди? Ҳақиқат – порлоқ истиқболга йўл очади. Инсонни Ҳақиқатдан маҳрум этиш – унинг истиқболига тўсқинлик қилиш, уни бахтга элтадиган йўлдан маҳрум этиш демакдир. Битта Ҳақиқатга йўл қўймасангиз, демак, бошқа Ҳақиқатларга ҳам йўл бермайсиз. Ҳақиқатлар бир-бирига узлуксиз занжир билан боғланган. Биттасини олиб ташланса, занжир яроқсиз ҳолга тушади-ку!..

Цензор Ёзувчининг куйиб-пишишларига тиржайганича қараб ўтираркан, бепарвогина қўл силтаб қўйди:

– Сизга шуни айтайки, жаноб Ёзувчи, китобингизни чоп этиш тўғрисида рухсатнома бермагунимча, у нашр қилинмайди. Ҳақиқат шу!..»

 

  1. «ПОРА БЕРИШ» КАСАЛЛИГИ –

«…Порахўрликни, порахўрларни жамиятдан таг-туги билан қўпориб ташлаш жуда қийин. Чунки ўзини топ-тоза тутиб юрган одамлар ҳам бехосдан унинг таъмини татиб кўргандан кейин дарҳол бу иллатга  мойил бўлиб, ҳаётини хавф остига қолдиришдан ҳам чўчимай қўяди. Бунга Хитойдаги вазиятни мисол қилиб келтириш мумкин. Биласиз, Хитойда порахўрларга ё умрбод қамоқ ёки ўлим жазоси берилади. Йилига юзлаб мулозимлар қатл қилинади, минглаб мулозимлар қамоққа тортилади. Ибрат бўлсин учун, бошқа амалдорларни мажбурий равишда қамоқхоналарга «экскурсияга» ҳам олиб боришар экан. Лекин, барибир, Хитойда порахўрлик авжида…»

 

  1. ҲУКМДОРНИНГ ЕЛКАСИГА ОЁҚ БОСИЛСА… –

«…- Азиятлар одамнинг яхши кўрган эшигидан кирганидек, энг катта синовлар ҳам ўзингизга яқин тутган одамларингиз орқали келади. Қўл остингиздаги давлатни бехатар идора қилмоқчи бўлсангиз, аввало яқинингиздаги одамлардан эҳтиёт бўлинг! Мабодо уларнинг хиёнатини сезсангиз, халқ ва давлат хавфсизлиги учун уларни аяб ўтирманг, ҳатто ота қаторида бўлсалар ҳам!..»

 

  1. СУЛТОН СУЛАЙМОННИ ЙИҒЛАТГАН ЖАВОБ –

«…Қайси бир давлатда зулм кучайса;

қатор-қатор ҳақсизликлар юз бера бошласа;

адолат оёқости қилинса ва буни кўриб турганлар «менга нима» дея сукут сақласа;

арбоблар етим-есирларнинг, бева-бечораларнинг, камбағалларнинг аҳволи билан қизиқмаса;

муҳтожларнинг оҳини тошлар эшитса-ю, одамлар эшитмаса;

амалдору уламо буларнинг барини англаб, билиб турса-ю, «менга не ғам» дея ўз нафси билан овора бўлса;

ҳокимлар ҳукмдорни алдаш йўлига ўтса…

Ана ўшандай давлатда фуқароларнинг ҳукуматга ишончи ва ҳурмати йўқолади. Халқда осойишталик қолмайди.

Бундай давлатлар таназзулга маҳкумдир!..»

 

  1. БАҲС ВА ТОРТИШУВЛАРДАГИ ОФАТ –

«…Билингки, баҳслашишни, тортишишни яхши кўрадиган ва ҳатто бу феъли учун одамлардан мақтов эшитаётган, ўзида ғолиблик, бошқалардан устунлик ҳиссини туяётган одамнинг ҳалокати яқин. Чунки, бир вақтнинг ўзида у кибр, ўз фазилатлари ёки билимлари билан фахрланиш, бошқалардан ўзини ақлли ҳисоблаш, ўзидан ўзгача фикрлайдиганларга нисбатан ғазаб сингари иллатлар қуршовида қолди. Одам боласи учун бу иллатларнинг атиги биттаси билан курашиш қанчалик машаққат! Агар улар бирлашса, аҳвол нима бўлади – ўзингиз тасаввур қилинг!..»

 

  1. МУСОФИР ОНАНИ АЙБЛАМАНГ –

«…Мусофирчиликнинг тошдан қаттиқ нонини еб юрган муштипарларни айблашдан олдин, уларнинг ҳақини ўзлаштираётган – ёрдам пулини қўша-қўша машинали «ҳожи ака»ларга бераётган «халқпарвар» МФЙ раисларини тафтиш қилинг. Бир қизиқиб кўрингчи, минбарларда эзгуликдан жар солаётган  Раис опа охирги бор маҳаллада қачон пиёда юрди экан? Қайси бева-бечорадан (ўзи ёрдам сўраб бормагунига қадар) ўзича хабар олди экан?

Айбни, энг авввало, «бола пули»дан ҳам «ўз улушини» ундирадиган, бир варақ маълумотномани ҳам текинга ёзиб бермайдиган МФЙ ходимларидан; порасиз ишга олмайдиган раҳбарлардан; ҳар битта болани 100-200 долларсиз болалар боғчасига қабул этмайдиган мудиралардан ахтариш керакмасми?..»

 

  1. ИШҚ БОШҚА, СЕВГИ БОШҚА МУҲАББАТ БОШҚА! –

«…Давлат ғазнасининг тажрибали мутахассисидан қалбаки пулларни ҳақиқийсидан ажрата олиш учун нималарга эътибор бериш кераклигини сўрашганида, у шундай жавоб берган:

– Мен ҳеч қачон қалбаки пуллар билан қизиқмаганман, фақат ҳақиқийларини синчиклаб ўрганиб чиққанман.

Мутахассиснинг фикрича, ҳақиқий пулларнинг деярли ҳар бир нуқтаси бўйича аниқ билимга эга бўлганидан кейин, у қалбаки пулларни бир қарашдаёқ ажрата оладиган бўлган экан.

Худди шу гапни инсонлар ҳаётида жуда муҳим ўрин эгаллаган ишқ, севги, муҳаббат туйғулари тўғрисида ҳам айтиш мумкин, яъни, уларга тааллуқли ҳақиқатларни билибгина, «қалбаки ва сохталарини»  осон ажрата оласиз…»

 

Шунингдек, газетанинг бу сонида:   «ПЎПКЎРН», «КАЗИНАКИ», «ХЎББИ» ВА «ШОУ»ЛАР… ФАРОСАТСИЗЛИКНИНГ ЧЕГАРАСИ БОРМИ?;

«ИНВЕСТИЦИЯ»НИ ТУШУНМАЙДИГАН МУАЛЛИМЛАР;

 «ҲАЛОВАТ КУШАНДАЛАРИ»;

«ТЎРТИНЧИ ҲОКИМИЯТ НИМА?»;

«АРБОБЛАРНИНГ АЪЛОСИ»;

«ҚИЗИЛ БОЗОР» ҚАЕРДА?

«ФИКР ОДАМЛАРИ» сингари таҳлилий, танқидий, дангал муносабатлар ва дадил мулоҳазаларга бой мақолаларни ҳам ўқийсиз.

Газетани барча матбуот дўконларидан сўранг.

«Маърифат саодати» – эскирмайдиган газета!

3+