КЎЙЛАК КИЙГАН КУЧУКЛАР

Бир куни «Хадра» майдонидан ўтиб кетаётиб, баҳайбат дўппи шаклида қурилган Цирк ҳовлисида кўрсатилаётган томошаларга кўзим тушди. Бир хонимча саҳнада кучукларни ўйнатаётган экан: кучукларни олов ҳалқадан сакратади, орқа оёқларида тик турғазади… Ва эътиборли томони шундаки, бу пултопар жониворларнинг авратлари кўринмаслиги учун бежирим кўйлаклар кийдирилибди. «Тилсиз ҳайвонларда уят борми? Аврат ёпишни уларга ким қўйибди?! Ўйинини кўрсатиб, конфетини еб кета берса бўлмайдими?», деб ўйлайсиз ичингизда. Тўғри, аммо ўргатилса, эшакка ҳам фаросат битиши ҳеч гап эмас. Ахир пул, мол-дунё ёки қандайдир томоша учун уят ила андишани унутиш одамийликни унутиш билан баробардир. Қаранг, бизнинг Шарқ қандай маданиятли, ҳали орадан одамийлик, шарм-ҳаё кўтарилган эмас.

Шундай ойдин ўй-хаёллар оғушида метрога тушдим ва …Циркдаги ҳайвонларни кўриб, хаёлимдан кечган эзгу фикрлар бир лаҳзада тарқади кетди. Чунки … Чунки тўғримда ғаройиб бир нусха – «мода»параст қиз турибди. Ҳолатини айтишга тил бормайди, ёзишга қалам ор қилади!.. Иқтисодий тангликка тушган бечорадир, балки, бир газлик газмолга пули етмагандир, эҳтимол, баданида яра-чақаси бўлса, табиблар одатий кийинишни маън этиб, шамоллатиб юришни маслаҳат бергандир… деб ўйлашимиз мумкин эди, агар ўзга сайёрадан тушган бўлганимизда! Аммо бугун кўриб турибмизки, иффат-ҳаё намунаси саналган Шарқ қизлари ярим яланғоч юришда мусобақа қилаётганга ўхшайди. Таассуф…

Азизлар, бепарда битикларни маъзур кўргайсиз. Зотан кучуклар жамоат олдига кўйлак кийиб чиқаётган, авратларини ёпаётган экан, одам фарзандларига не бўлди? Уят, андиша, шарму ҳаёда беназир Шарқ аёлларига кўз тегдими?!

Нафақат кучукларга, балки, баъзи ўзлигини унутган аёл-қизларга ҳам алоҳида тарбия жоиз шекилли…

Баҳодир НУРМУҲАММАД

«Маърифат саодати» газетасининг 2018 йил 16 феврал сонидан олинди

 

1+