КУЗАТУВ ОСТИДАГИ РЕЖИССЁР

Отаси ўғлининг ҳам ўзи каби қассоб бўлишини хоҳлар эди. Аввалига диний, кейин шўро мактабида таҳсил олган ўғил  эса киночи бўлишни истаб қолди. Табиийки, умрини қассоблик  билан ўтказган Ғани акага бу фикр ёқмади. Аммо ўғли ўз сўзида қатъий туриб олгач, ноилож  уни  Москвага кузатди. Шу  тариқа, Ғани қассобнинг ўғли 1921-25 йилларда Москвада  ўқиб, Тошкентга кинорежиссёр бўлиб қайтди. Қассоб бўлишни  истамаган бу ўжар ўғил буюк ўзбек кинорежисёри Наби Ғаниев эди… 

Ўзбек киносининг юксалишига Худойберган Девонов, Сулаймон Хўжаевлар билан бир қаторда туриб ҳисса қўшган Наби Ғаниевнинг ҳаёт ва  ижод йўли катта қийинчиликлар  билан кечган. Мазкур мақолада бу ижодкорнинг ҳаёти ва ижодига оид маълумотларга батафсил тўхталиб ўтирмаймиз. Зотан, ниятимиз Наби Ғаниевдек заҳматкаш кинорежиссёрнинг ҳаётида кечган ибратли воқеаларни газета ўқувчиларига ва хусусан бугунги кун ўзбек кино санъатига дахлдор кишиларга намуна сифатида тақдим этишдир.     

Кинони «афсунгарлик», кино лавҳаларини эса «юрадиган суратлар» дея тавсифлашдан ортиқ тушунчага эга бўлмаган одамлар орасида кино суратга олишнинг ўзи бўлмасди. Шу боисдан, Наби Ғаниев бошчилигидаги суратга олиш жараёнларида ҳам кўнгилсиз, ҳам қизиқарли воқеалар кўплаб юз берарди. 1929 йилда яратилган «Сўнгги бек» фильмининг суратга олиш жараёнлари айниқса эсда қоларли бўлган. У вақтларда катта қўшинга эга «босмачилар» ҳаракатлари бостирилган бўлиб, бу фильм, қўл остида жуда оз йигитлар қолганига қарамай, курашишни давом эттириб келаётган водиллик Ёрмат махсум ҳақида эди. Эслатиб ўтиш жоиз, «босмачилар» ҳақида фильмлар суратга олиш ишлари ўша давр сиёсатчиларининг даъватига кўра амалга ошириларди.

Ёрмат махсум киночиларнинг ўзи ҳақида фильм ишламоқчи бўлиб Водилга келганларини эшитади ва уларнинг воқеликларни нотўғри талқин қилишларидан хавфсираб, бутун суратга олиш ишларини барбод қилишга азм этади. Ижодий гуруҳдагилар Ёрмат махсумнинг бу қароридан хабар топадилар, аммо суратга олиш ишларидан воз кечмайдилар. Суратга олиш жараёнлари жадал кетаётган кунларнинг бирида Ёрмат махсум ўн нафарга яқин аскари билан киночиларга ҳужум қилади. Оммавий саҳна учун таклиф қилинган, «босмачилар» қиёфасидаги кишилар ва актёрлар ҳам жон талвасасида ўзларини ҳимоя қилиб, жангга киришадилар. Оқибатда, Ёрмат қўрбоши йигитлари билан тоққа қараб қочишга мажбур бўлади. Бу ҳолат режиссёр ва операторлар учун айни муддао бўлиб, «Сўнгги бек» фильмининг жанг саҳналари айни ҳаётий лавҳалар туфайли ҳаққоний тасвирга туширилган.

ВИЖДОНЛИ ИЖОДКОРЛАР

Наби Ғаниев режиссёрлигида «Насриддиннинг саргузаштлари» фильми суратга олинаётган кезлар. Фильмнинг  навбатдаги  эпизоди  катта  кўл  олдида  суратга  олиниши  керак  эди. Сценарийга  кўра, бу  кўлдаги   сувни  Оғабек  исмли  зиқна бой  деҳқонларга  сотиши, экинни  суғориш  ташвишидаги  қишлоқ  аҳли  навбат  кутиб  туриши,  бой  «Гўзал  қиз Зулфини  менга  берсангизгина  тўғонни  очаман», дейиши, шунда  орага  Саид  исмли  йигит  тушиб  қизни  олиб  қочмоқчи  бўлиши ва бу  кадрларнинг  барчаси кўл  ёнида  суратга  туширилиши  керак  эди.

Аммо фильм суратга олинаётган сўлим водийда талабга мос келадиган кўлни тополмайдилар. Шунда  Наби  Ғаниев:

– Кўлни  ўзимиз  ясаймиз!  Ҳамма  белкурак, кетмон  топсин. Қишлоқдан замбил, қоп-қанор  ҳам  келтиринглар, – дейди ва ўзи ҳам қўлига кетмон олиб ишга киришади. Кузнинг совуқ кунлари бўлишига қарамай, бутун жамоадагилар ғайрат билан кўл қазий бошлайдилар.

– Сув  тиниқ  бўлиши  керак, – сценарий талабларини эслатади режиссёр. – Экин  суғориш  вақти  яқинлигини  билган  бой  сувни  боғлаб, йўлини  тўсиб  қўяди. Шунинг  учун  кўлнинг  таги  тоза  бўлиши  керак. Ишқилиб, ёмғир ёғиб қолмасин-да, акс  ҳолда  сув  бўталанади…

Ниҳоят  сунъий  кўл  ҳам  тайёр  бўлади. Бироқ  Наби  Ғаниев  хавотирланганидек,  ёмғир  бошланиб, бироздан  кейин қорга ҳам  айланади. Режиссёр  бошчилигидаги  санъаткорлар  сунъий кўл яқинидаги қишлоқ чойхонасига жойлашадилар. Ўша  куни  бирорта ҳам  кадр  суратга  олинмайди. Чунки фильм воқеалари сценарий бўйича ёз кунида содир бўлиши керак эди.

Эртаси куни не кўз билан кўришсинки, ясама кўлнинг устки қатлами музлаб қолибди! Шунда актёрлардан бири:

– Наби ака, биз ёздагидек битта яктакда рол ўйнашга розимиз. Изғиринда дийдирамасликка ҳаракат қиламиз. Биз-ку, бир амаллармиз, аммо кўлни нима қиламиз? Муз қоплагани экранда ҳам кўринади-ку, – дейди. Наби Ғаниев эса ҳеч иккиланиб ўтирмай жавоб қилади:

– Музни парчалаб, кўл юзидан олиб ташлаймиз!..

Режиссёрнинг фикрини ҳеч ким муҳокама қилиб ўтирмайди. Биров тош билан, яна биров узун хода билан, яна кимдир этиги билан музни парчалашга киришади. Кейин кўлга тўр ташлаб, юзадаги парчаланган музни йиғиб олишга киришадилар. Ниҳоят, ярим кунлик машаққатли меҳнатдан сўнг, кўл юзи муздан тозаланиб, суратга олиш ишлари давом эттирилади ва жамоа аъзоларидан ҳеч бири «Кўлнинг суви кадрда тиниқ кўриниши учунгина совуқда шунча заҳмат чекдикми?!» дея, таъна-маломат қилишни хаёлига ҳам келтирмайди. Чунки улар – кино санъати шартларидан энг асосийси ҳаққонийлик эканини яхши англайдиган, виждонли ижодкорлар эди…

«ШУНИНГ УЧУН ҲАМ ЭШАК-ДА…»

Раззоқ  Ҳамроев,  Раҳим  Пирмуҳаммедов, Обид  Жалилов каби кучли истеъдод соҳиблари суратга тушаётган мазкур «Насриддиннинг саргузаштлари» фильмида навбатдаги воқеалар аниқ ҳисобланган хронометраж  бўйича  содир  бўлиши, яъни, Насриддиннинг  эшаги  иссиқ  нон  еб  туриб,  фавқулодда  ер  тепкилай  бошлаши,  сўнгра  ҳанграши  керак  эди. Насриддин  афанди  эса  шу  хатти-ҳаракатга  мос, тагдор маънодаги  сўзларни  айтиб, гоҳ  ҳовлига  югуриши, гоҳ  эса  уйга  таъзим  билан  кириб, Хоразм  шоҳи  ҳақида  илиқ  гаплар  айтиши  керак  эди. Бу саҳна бир  неча  марталаб машқ  қилинади. Ҳар  бир  қадам, имо-ишора  камерада  қайта-қайта  кўрилади. Аммо  эшак  ҳеч  ҳанграмасди! Думи билан елпиниб, катта  баркашдаги  ноз-неъматларни  паққос  тушираверарди. Эшакни ҳангратиш учун ҳар ким ўз билган чорасини қўллаб кўрди, ҳатто калтаклаб ҳам кўрдилар, фойдаси бўлмади. 

Воқеа устига етиб келган Наби Ғаниев актёрларни тинчлантириб:

– Савалайверманглар  жониворни, – деди. -Худди  шундай  воқеа «Насриддин  Бухорода»  фильмини  суратга  олганимизда  ҳам  рўй  берган  эди. Эшакни ҳанграта олмаганимизни кўрган бир мўйсафид ниҳоятда жиддийлик билан: «Кўрмаяпсизларми, ахир бу ошиқ эшак-ку» деганди ва бир хонадонга кириб кетиб, ичкаридан бошқа бир урғочи эшакни етаклаб чиққанди. Уни кўрган бизнинг эшагимиз бор овози билан ҳанграб юборганди… Кейин биз отахонга: «Эшакнинг севгилиси айнан шу эканини қаердан билдингиз?» десак, отахон: «Ие, билмайсизларми? Кўча-кўйда учраган ҳар урғочига севги изҳор қилаверади бу жонивор. Шунинг учун ҳам эшак-да», деганди…

ЎЗБЕКНИНГ ДАРДИНИ ЎЗБЕК БИЛАДИ

ЁХУД АБДУЛЛА ҚОДИРИЙНИНГ ТАНҚИД ВА МУЛОҲАЗАЛАРИ

Наби  Ғаниевнинг энг яқин, сирдош дўстларидан бири Абдулла  Қодирий эди. Машҳур адиб  табиийки, ўз  даври  учун  янгилик  бўлган кино санъатига, унинг истиқболига ҳам бефарқ  эмасди. Яратилаётган кинофильмлардан олган таассуротларини матбуотда  ҳам ёритиб борарди. Шу ўринда эътиборингизга Абдулла Қодирийнинг «Қизил  Ўзбекистон» газетасининг 1927 йил 28 апрел сонида чоп этилган  «Равот  қашқирлари»  мақоласини ҳавола этамиз. Бу мақолада атоқли адибнинг кино санъати ҳақидаги  танқидий  фикрлари, эътирозлари, эътирофлари  акс  этган. 

«…Шу  кунгача  ўзбек  ҳаётидан  ёки  умуман  Ўрта  Осиё  халқлари  турмушидан  олиб  ўйналган  фильмларнинг  ҳаётимизга  ёндошиб  келган  лавҳалари,  кўринишлари  бус-бутун  деб  бўлмаса-да,  ва  лекин  қисман  хаёлий, сохтанамо  бўлди. Бу  ҳол  ёлғиз  кинолардагина  эмас,  европаликларнинг, ҳатто  Ўрта  Осиёда  чиқадиган  кундалик  газета-журналларидаги  ва  адабиётларидаги  бизга  бағишлаб  ёзилган  парчаларида,  лавҳаларида ҳам  шу хаёлот ёки ривоят орқали ёзилган “ваҳималарга”  кўп  учраймиз. .Аксар  шундай  сохталикларга  йўлиққан  ўзбек, табиий, ўзини  кулгудан  тўхтата  олмайди, ёқа  ушлаб  ўзига  иснод  қилинган  “нав  ижод  ҳаёт”ни  бир  неча  вақтгача  кулгу  мақомида  ўртоқларига,  ҳазилмандларга  сўзлаб юради.

Шунга  ўхшаш бултур ўйналиб, бир неча ойлаб кино чодирларини  обод қилган “Ажал  минораси”, “Мусулмон  хотин” каби  фильмлар ўз навбатларида тўқиб ташланган “афсона”лари билан  бизни  кулдирган ва  “турмушимиздаги  шундай  гапларни  биз  билмас  эканмиз-да!”, – деб  ўзаро  мутоиба  қилишган ҳам эдик.

Ўзбек давлат киносининг “Равот  қашқирлари” чодирда  кўрсатила бошлагач, кўнгил суслана бошлади, балки… деб  шубҳаланди, чунки  кўп  йиллик  тажриба  бунга  бир  жиҳатдан  ҳақ ҳам берар эди. Шу сусов (ташналик) ораси “Равот  қашқирлари”ни кўргани бордим. Таассуф эмас “тақдир”ким  ўзбекнинг биринчи кино ўйинидан рози, қаноатланган ҳолда қайтдим.

Ўзбекнинг уятсиз бойи, камбағал деҳқони, Каромат бибиси,  домла-имоми, Содиқи, Жалили, тўй-ҳашами, ерсиз камбағал  деҳқоннинг онгсизлигидан фойдаланиб, ўзи каби  қашқирлар  подаси  тузган  босмачисини  кўрдим….”

Хуллас, Қодирий «Равот қашқирлари»да ниманики кўрган, эътибор берган бўлса, ҳаммасини қоғозга туширади. Шунинг баробарида, ўринли эътирозлари ва танқидни ҳам:

“Энди картинанинг танқидбоп нуқталари устида қиттак  тўхталиб оламиз. Қарз олгани келган  Жалил ва деҳқоннинг бой  олдида тиз чўкмай, қаққайиб туришлари ва турган ҳолда пулни  олиб кетишлари тўғри эмасдир. Никоҳ куни бойникига  мажбурият  ва зўрлик остида жўнайтурғон Каромат отасидан фотиҳа олгач,  бошқа хотинлар билан чопиб аравага чиқади. Ҳолбуки, ўзбекнинг  кекса бойига ёки ўзи хоҳламаган кишига берилган қизи тихирлик  билан, хотинларнинг зўри, судраш билан  аравага юзланади. 

Бой Кароматни уриб турган ҳолатда хизматкор Содиқнинг  ичкарига кириб,бойни кўтариб олиб чиқиши ҳақиқатдан  узоқдир. .Чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам “номаҳрам”нинг киши уйига  кириши мумкин эмас, балки урилган хотинни уйдаги бошқа  хотинлар, масалан, бойнинг онаси ёки катта хотини ажратиб  олади. Кароматнинг ишдан бўшаган ҳолида эчки билан овуниши  ҳам бизга ётроқ; қўшни қизлар билан копток ўйнаши, ҳалинчак  (арғумчоқ) учиш ва шунинг каби ўйинлар бор….

“Правда  Востока”нинг европалик ўқувчиларини хатога солгани  учун ўртоқ Жўрабоевнинг кечаги сондаги, айниқса бир жумласи  тўғрисида изоҳ бериб ўтишни лозим топаман. Жўрабоев  “Жўрабоев” бўлса ҳам янги куёв Абдунаби бойга хотинлар  томонидан  солинган  исириқни “тўғри эмас” ( неправдоподобна)  деб ўтади. Ҳолбуки бу одатни ўзбекнинг етти ёшлик боласи ҳам  билади. Жўрабоевнинг инкорини ўқиб, “Жўрабоев онаси билан  тўйга бормаган экан ёки отасидан етим қолиб, ўзбекдан ғайри бир  оилада тарбияланган экан”, деб ўйладим. Жўрабоев ўзбек бўла  туриб, тўйда келин ва куёвга солинадиган исириқни инкор қилиб  ўтириши уятдур. Билмаган нарсасини биламан, даъвосида бўлиб, кўпчиликни адаштириши, билмадим тағин нимадир.

Сўзимнинг охирида ўзбек давлат киноси биринчи қадамни озгина  хато билан, аммо келасидаги муваффақиятига бизни ишонтирган ҳолда босди ва “Равот  қашқирлари” бизга бу тўғрида ҳар  жиҳатдан таъминот берди, дейман. Менга қолса, ўзбек давлат  киносини чин муваффақиятга олиб борадиган нарса мумкин қадар  сценарий ёзувчиларни ўзбеклардан етиштириш ва ҳозирча бўлса, европалик сценаристлар ёнига ўзбекларни тиркаб қўйиш, артист  ва артискаларни ўзбеклардан тарбиялашдир. Чунки ўзбекнинг  майда-чуйдасигача ўзбек боласи билади. Ўзбек бўлмагач ҳар  қандай мутахассиснинг ҳам афсона кўчасига кириши аниқ ва бу  ҳолда “ўзбек  киноси” нинг  маъноси ҳам бўлмас”.

ҲИБС ВА НАЗОРАТ

1937 йилда Наби Ғаниевни Абдулла Қодирийнинг маслакдош дўсти бўлганлиги ва «Ҳокимият кимники?» номли фожеаларга тўла ҳаққоний ҳужжатли фильм ишлаб, шўро давлатининг истиқболига шубҳа билдиргани учун ишдан оладилар ва аксилинқилобчиликда айблаб, ҳибс этадилар. 

Наби Ғаниев ҳибсга олинишидан озгина олдин – 1937 йилнинг иккинчи августида Бутуниттифоқ санъат бошқармаси бошлиғи Кержанцевга мактуб йўллаб, кино соҳаси олдида турган муаммоларни тилга олган эди. Эътиборингизга мазкур хатда билдирилган долзарб фикрлардан айримларини ҳавола этсак:

«…Ижодларини эндигина бошлаётган, кино сирларини ўрганаётган ёшларга дўстона танқид фойдали бўларди. Лекин, бахтга қарши, кинофабрикада ҳар ким фақат ўз манфаатини ўйлаши одат тусига кириб қолди. Тажриба ўрганилмади. Таниш-билишчилик авжига чиқди…».                  

«…Бошқа республикалардан таклиф этилган кинорежиссёрлар, асосан, пул ишлаш учун келадилар. Кадрлар тайёрлаш соҳасида мутлақо иш олиб бормайдилар…».

«…Шуниси ачинарлики, танқидий мулоҳазалар, таклифлар ўрнини мақтовлар эгалламоқда…».

«…Режиссёр драматург эмас! У сценарий ёза олиши шарт эмас…».

«…Кинодраматургларнинг йўқлиги, бинобарин, сценарий танқислиги ишимиз ривожига тўсқинлик қилмоқда…».

Ўз касбининг устаси, жонкуяр ва миллатпарвар режиссёр йигирма етти ой авахтада жабр тортиб, 1939 йилда қамоқдан озод қилинади. Наби Ғаниев ҳибсдан озод этиладиган бўлгач, «Менга кимлар туҳмат қилганини айтмас экансиз, бу ердан чиқмайман», деб дадил туриб олади ва уни суд залида туҳматчилар билан юзлаштиришга мажбур бўладилар…

Наби Ғаниев ҳибсдан озод этилганидан кейин ҳам қатъий кузатув остида бўлади. Иқтидорли ижодкор ўзига қўйилган чекловларга қарамай, Москвага ёзган мактубида тилга олган муаммоларни баҳолиқудрат  ўзи бартараф этишга киришади. У «Биз енгамиз», «Жангчи дўстлар», «Насриддин Бухорода», «Насриддиннинг саргузаштлари», «Тоҳир ва Зуҳра», «Фарғона қизи», «Канаш» сингари фильмлари орқали, кино саноати қанчалик мукаммал, замонавий техника ва малакали мутахассислар билан таъминланмасин, аввало, миллий меросни ўзига пойдевор қилиб олиши ва халқ учун эстетик ғоя вазифасини ўташи кераклигини исботлаб беради.

Йигирма етти ой авахтада чеккан азоблари Наби Ғаниевнинг соғлигини ишдан чиқарган эди. Орадан бир неча йиллар ўтса ҳам, у оғир кунларнинг асорати бартараф бўлмайди. Қаттиқ бетоб бўлишига қарамай, режиссёр «Алпомиш»  достони асосида фильм ишлаш тадоригини кўра бошлайди. Аммо худди 1937 йилдаги каби 1948 йилда ҳам ҳасадгўйлар Наби Ғаниевни турли баҳоналар билан айблаш ҳаракатига тушишган эди. Уларнинг «саъй-ҳаракатлари» туфайли санъаткорга бу сафар қаттиқ ҳайфсан эълон қилинади ва халқ достонлари, хусусан, «Алпомиш» достони асосида фильм ишлаш тақиқланади. Халқ орасида катта обрў қозонган бу инсонга нисбатан кузатувлар янада кучайтирилади. Наби Ғаниев ҳам ортга чекинмайди. Ўзбек киносини юксалтириш масалаларига оид қатор мақолалар ҳамда «Киноактёр», «Киносценарий» номли илмий асарлар ёзади. Миллатпарвар ижодкор ўзини миллатчиликда айблайдиган ҳасадгўйларга қасдма-қасд, ўз мақолалари ва асарлари остига Наби Ғанизода дея имзо чекарди…

Суронли ва қиронли йиллардаги сабр ва матонати, халққа садоқати билан кўпларга ўрнак бўлган Наби Ғанизода 1953 йилнинг 29 октябрида оламдан ўтган.

Маълумотлар асосида Умид БЕКМУҲАММАД ва Шаҳина ЮСУФ тайёрлади

2018 йил 12 январ сонидан олинди

1+