КИТОБ ЎҚИШДАН МОДДИЙ ФОЙДА ИЗЛАШ КЕРАКМИ?

Еттинчи  синфда  ўқийдиган  набирам  мактабидан  ғалати аҳволда қайтди. Буни унинг  норозилик акс этиб  турган  кўзларидан  дарҳол  сездим. Қўлимдаги қалин муқовали  китобга хатчўт соларканман, унга  юзландим:

– Тинчликми,  она  қизим?  Бирортаси хафа  қилдими сени?

– Йўқ, ўзим шундай…

– Шундайга  ўхшамайди. Қани, нима бўлганини айтақол-чи.

– Бобожон, сиз  бу қалин китобни нима  учун ўқияпсиз?

– Нима учун бўларди, биласан-ку, китоб  ўқишдан  мақсад  тафаккурни  чархлаш-да, она  қизим!

– Бундан  сизга  қандай фойда? Яъни, моддий фойдаси борми сизга шу китобни ўқишнинг?

– Моддий фойда дейсанми? – Набирамнинг бу гапларидан росмана ҳайратга тушдим, ҳам бироз жаҳлим ҳам чиқди. – Сенга нима бўлди ўзи, қизим? Сенингча, китоб ўқишдан моддий фойда излаш керакми?

– Ҳа бобожон, бугунги кунда шундай бўлиб қолган, – деди набирам ўзига ярашмаган шарттакилик билан. – Китобхонлик беллашувларида йигит  ёки  қизнинг бадиий  адабиётдан  олган  таассуроти, маънавий  завқ-шавқи, китобдан чиқарган хулосаларига эмас, ўқиган  китоблари сонига қараб  баҳолашяпти. Юзтами, икки юзтами – ишқилиб  сони   кўпайса  бўлди. Унинг уққани  иккинчи  даражада. Сиз менга мутолаа борасида буткул бошқача таълим бергандингиз. Шунга  ҳайрон  бўляпман-да, бобожон!..

Мен бу гапларга жавоб тополмай қолдим. Тилимга чиқара олмай юрган гапларимни муштдек боши билан юзимга тик қараб айтолгани учун набирам олдида ўзимни ниҳоятда ожиз сездим. Уни юпатиб, айтган аччиқ, аммо очиқ гапига «даврон тўни» кийдирилган жавоб қилмоқчи ҳам бўлдим, лекин аллақачон ҳақиқатни англаб етган ўсмирга бу малол келмасмикан, мурғак қалбидаги ҳақиқат ва адолат оловини сўндириб қўймасмиканман, деб ўйлаб изтиробга тушдим.

Биродарлар! Ёшимиз улғайган ўтган даврларда ҳақ сўзни айтганимиз учун не-не уйдирмалар-у, азоб-уқубатларга дучор қилинавериб, андак юрак олдириб қўйганимиз бор гап. Ҳақ-ҳуқуқимиз ўзимизда бўлган бугунги кунларимизда нега энди кўнгилдаги фикр-мулоҳазаларимизни айтолмас эканмиз? Буни айтиш шарт ва зарур!

Менга айтинг-чи, тақаси ейилган от каби оқсаётган маънавиятимиз учун қайғуриш, унинг зиёсидан барчани бирдек баҳраманд этиш ҳаракатини ким бошлаб берди? Шу соҳа нонини еяётганларми? Шундай фикрга борганлар, кечириб қўясиз!

Президентимиз айнан шу соҳа эгалари ва шу ишга масъул шахсларни «ноз уйқу»сидан уйғотди. Айнан президент юксалишнинг бирдан-бир йўли – мутолаа экани, китоб ўқиш ва уқиш ҳар бир инсоннинг маънавий салоҳияти, дунёқарашини шакллантиришда бош маёқ эканига омма эътиборини қаратди. Шундан кейингина маънавият арбоблари оёқларини қўлга олиб, турли тадбирларни бошлаб юбордилар. Китоб  тарғиботи  кундалик  ейиш-ичишдан  ҳам  олдинги қаторга  ўтди. «Нечта  китоб  ўқидинг?»деган сўроқ-саволлар  авжига  минди. Бу  ҳаракатдан  четда  қолмайлик, дея  Ўзбекистон телерадиокомпанияси  китобхонлик  беллашувини  бошлаб  берди. Ғолиб  китобхонга  бош соврин – Спарк автомашинаси!  Э,отангга  балли , саховатингга  офарин, дегинг  келади-ю, аммо бундай  беллашувни  ўтказишдан  мақсад  нима  эканини   англашга  келганда ақлинг шошади. Нима  учун  ғолибга  енгил  автомобил? Бу  мантиқан тўғрими? Ҳали  балоғат ёшига  етмаган  ўсмир автомобилни  нима  қилади?

Яқинда беллашувда  иштирок  этган икки  китобхон  қизнинг  телемухбир  саволларига берган  жавобидан  оғзим  ланг  очилиб қолди:

– Нечта  китоб  ўқидингиз?

– Тўрт  юзта!

– Демак,  беллашувда  ғолиб  бўлишингизга  ишонасиз?

– Албатта!

– Сиз аввалги  беллашувда  ғолиб бўлиб, Спарк  автомобилига  эга  бўлган  экансиз-а? – дея иккинчи қизга юзланади мухбир. – Уни  ҳайдаяпсизми?

– Дадамга  совға  қилдим. Яна  ғолиб  бўлсам,  автомобилни  ўзим  бошқараман…

Биз ёшларга «Кўп китоб ўқисанг, автомобил берамиз», дея уларни ўзаро беллаштириб қўйиш билан, мурғак қалбларга манфаат «микроблари»ни юқтириб қўймаяпмизми, нима дейсиз?

Инсонга озиқ-овқатни мажбурлаб едириш мумкиндир, лекин мажбуран китоб ўқитиб бўлмайди. Бу нарса уни бориб-бориб ўзгаларнинг чорлови билангина фаолият юритадиган, мустақил фикри йўқ, ўзича ташаббус кўрсатолмайдиган, ҳар бир ишдан фақат моддий манфаат қидирадиган шахсга айлантириб қўяди-ку!

Хўп майли, китобхонлик беллашувининг ўзига эътирозим йўқ. Лекин менинг фикримча, беллашувнинг ҳакамлар ҳайъати аъзолари эл эътиборини қозонган адиблардан, шоирлардан, маънавият ва маърифат фидойиларидан бўлмоғи ва беллашув иштирокчиларини баҳолашда уларнинг ўқиган китоблари сонидан келиб чиқиб эмас, у асарларнинг мазмун-моҳиятини қанчалик ўзлаштирганидан келиб чиқиб баҳоламоқ керак. Ғолибга автомобил бериш ҳам шарт эмас, агар у чиндан ҳам китобхон бўлса, автомобилдан кўра, жаҳон мумтоз адабиёти дурдоналари жамланган китоблардан иборат ҳадядан кўпроқ хурсанд бўлади.

Сизнинг бу борада фикрингиз қандай?

Сотволди РАЖАБОВ

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 10 июн (№8-9) сонидан олинди

1+