ДАВЛАТНИНГ ТЕКИНХЎРЛАРИ

Ҳар бир давлатнинг ўз текинхўрлари бўлади. Улар беш тоифага бўлинади. Агар ҳукмдорлар бундай кимсаларни таг-томири билан йўқотиб, рисоладагидай фуқароларни тарбиялай билмасалар, оламда ҳалокатга маҳкум давлатлар сони кўпаяверади.

Ҳар қандай давлатга таҳдид солувчи ўша беш тоифа қуйидагилардир:

  1. Аввалги ҳукмдорларнинг яхши фазилатларини рўкач қилиб, уларнинг тутган йўлини мақтовчи; уст-бошига зеб бериб, маҳорат билан сўзланган баландпарвоз маърузалари воситасида обрў қозонишни кўзловчи; тартиб-қоидага зид амаллари билан халқда мавжуд қонунларга нисбатан шубҳа уйғотувчи; ғараз маслаҳатлари билан ҳукмдорнинг қалбида иккиланиш туйғусини туғдирувчи олимлар.
  2. Тилда қонунларни рўкач қилиб, амалда уларни бузувчи; ўз қудрати орқали халқ билан ҳукмдор ўртасига тўсиқ қўювчи вазирлар.
  3. Ўз ишига совуққонлик билан қараши оқибатида одамлар орасида ҳукуматга нисбатан ишончни сўндирувчи; ташқи кучларга таянувчи; ўзининг шахсий манфаатини халқ манфаатидан устун қўювчи; юртга садоқати йўқ амалдорлар.
  4. Иш битириш учун ҳар амалдорга пора берувчи; ҳар амалдор қаршисида қуллуқ қилувчи лаганбардорлар.
  5. Халқни қалбаки моллар ва тарозидан уриб қолиш билан алдайдиган; деҳқонларнинг фойдасини тортиб олиш учун пайт пойлайдиган; маҳсулотларни сероб вақтида арзонга сотиб олиб, кейинроқ қимматга сотиш учун омборларда асрайдиган олибсотарлар, савдогарлар.

Милоддан аввалги 288-233 йилларда яшаб ўтган Хитой файласуфи Хан Фэй Ханнинг «Беш текинхўр» асаридан Шаҳина ЮСУФ таржимаси

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 28 феврал №4 сонидан олинди.      

1+