ВАТАН ОБРЎСИНИ МАЪРИФАТЛИ ХАЛҚ КЎТАРАДИ

Маърифат сўзининг луғавий маъноси — таниш, билиш, англаш, идрок этиш бўлиб, бу тушунча амалда инсоннинг борлиққа муносабатини ифодалайди. Маълумки, Аллоҳ таоло Одам Атони ўзининг Борлигини билдириш учун яратган. Демак, инсон боласининг ўзини йўқдан бор қилган зотни танимоғи маърифатдир. Ўзлигини, яъни аслида кимлигини, аввали-ю охири нималигини билмоғи маърифатдир. Ўзи кўз очиб кўрган ва яшаётган, эртами кечми тарк этиши муқаррар бўлган дунёнинг ва ундаги нарсаларнинг моҳиятини англаб, идрок этмоғи маърифатдир. Кундалик ҳаётда эса фитратига хос барча эҳтиёжларининг маъно-мазмунини ва буларни қондиришнинг инсонга муносиб йўлларини билмоғи маърифатдир.

Дейлик, инсон таомга муҳтож. Овқатланиш илмини, яъни ейишдан мурод нима, қачон, нималарни, қанча миқдорда, қандай қилиб истеъмол қилиш кераклигини билиш керак. Кийиниш эҳтиёжи бор. Либос нима, нима мақсадда кийилади, қандай матолар афзал — буларни билиш керак. Одам бошпанасиз яшай олмайди. Уй нима, унда қандай қулайликлар бўлиши керак, булардан қандай қилиб тўғри фойдаланиш зарур – буларни ҳам билиши керак. Ёки оила қурмоқчи. Оила нима, эр-хотин, қайнона-қайнота, қариндош-уруғлар муносабатлари, уларнинг бир-бирларидаги хақлари қандай, мана буларни билиши керак.

Кўчага чиқар экан йўл қоидаларини билиши ва амал қилиши керак. Ёки сайловга бормоқчи. Сайлов нима, сайлов ҳуқуқи нима, номзодлар кимлар, улар нимаси билан бир-биридан фарқ қилади, қай бирига қайси афзаллиги учун овоз берса бўлади, буни билиши керак.

Хуллас бир сўз билан айтганда маърифат — бу, бошқа жонзотлардан ва жоҳил одамлардан фарқли ўлароқ шунчаки тирикчилик ўтказмай, онгли, фаол инсон мартабасида яшаш илмидир.

МАЪРИФАТ ИЗЛАШ ЙЎЛЛАРИ

Маърифат борлиқ ҳақидаги ҳақиқатни инсон ва унинг ҳаётига алоқадор барча катта-кичик нарсалар маъносини, жамиятда кечаётган жараёнлар моҳиятини билиш, англаш, идрок этиш экан,  бунга аввало илм билан, фақат илм билан етишмоқ мумкинлиги ўз-ўзидан равшан. Ҳадиси шарифда «Бешикдан қабргача илм изланглар», деб бежиз айтилмаган. Бу хусусида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) яна марҳамат қиладилар: «Илмни ўрганинглар, албатта уни ўрганиш Аллоҳдан қўрқишдир. Уни талаб қилиш — ибодат, уни эслаш —  тасбеҳ, уни ўргатиш — садақадир. Уни илм аҳлига етказиш қурбатдир. Чунки илм ҳалол ва ҳаромни ажратувчи, жаннат йўлининг маёғи, хилватда дўст, ёлғизликда суҳбатдош, хурсандчилигу хафачиликда суянчиқ, душманга қарши қурол, ихтилофли ўринларда тўғри йўлдир».

Илм ақл ёрдамида топилади. Ақл эса бошқа барча неъматлар қатори ҳар бир инсонга Яратганнинг тақсимотича берилган. Шунинг учун ҳар қандай олим ҳам, ҳар қандай арбоб ҳам ўзи билганинигина билади, сиз ёки мен билганни билмайди. Биз ҳам шунақамиз. Демак, инсоннинг ўрганган илми тўғри, мукаммал бўлмоғи учун уни ўзгалар билан баҳам кўриши, фикр алмашиши даркор.

* * *

Айтишларича, бир вақтлар Москвада рассомларнинг катта кўргазмасида юқори совринга лойиқ кўрилган суратни кўрган чипта ковуш кийган деҳқон бирдан жаҳлланиб:

— Тфу! Шу ҳам суратми?! Шунга ҳам мукофотми? Аҳмоқлар! — деб юборибди.

— Сенга нимаси ёқмади? — ҳайрон бўлиб сўрашибди ҳайъат аъзолари.

— Сурат чиройли-ю, лекин ҳақиқатга тўғри келмайди, — дебди деҳқон.

— Нима учун?

— Мен деҳқонман, далада ишлайман, буғдой экаман, биламанки бунчалик сап-сарғайиб, тўлиб пишган бошоқ тик бўлмайди, эгилиб туради.

Унга ҳеч ким эътироз билдира олмабди.

* * *

Маърифатга эришаман деган одам ҳақиқатни тан олишни ҳам ўрганиши керак. Уни қайсарлик билан инкор этадиган оддий киши бўлса, зарари фақат ўзига, лекин раҳбар бўлса, бутун жамиятга зарари тегади.

Маърифатга эришаман деган одам яна тўғри танқидни қабул қилишни ўрганиши керак. Негаки инсон табиатан хатокор қилиб яратилган. Ўртада шайтон бор, шайтондан ҳам хавфли нафс бор. Адашмай иложи йўқ. Хатоларини айтиб, уларни тўғрилашга ундайдиган одам бўлмаса, ўзига жабр бўлишини англаши керак.

Буюк юнон файласуфи Суқрот  Ҳақиқатнинг нималигини (бошдан то ўқ илдизигача) аниқлаш йўлини кашф қилган. Бу – ким, нима, нега, қаерда, қачон, нима учун каби давомли саволларга давомли жавоб излаш усули эди. Бу усулдан фойдаланиб тафаккур қиладиганлар кўпайгани сайин косалар тагидаги нимкосалар, етти қат сандиқчалар ичига яширинган сир-асрорлар, жамиятдаги иллатларнинг асл сабаблари юзага чиқа бошлаганини кўриб, хавотирга тушган ҳукмдорлар буюк олимни «ёшларни йўлдан оздириш»да айблаб, ўлимга ҳукм этганлар (унга сассиқ алаф заҳари ичирилган).

Суқрот таълимотига кўра, фалсафанинг мақсади ўз-ўзини билиш бўлиб, бу – чин эзгуликка эришиш йўлидир.

«ШОҲ»ИНГИЗ НИМА?

Файласуфлардан бири ҳаётни шахмат ўйинига ўхшатган эди. Шахматда шоҳ, ҳаётда бош мақсад ҳимоя қилинади. Кимдир ўзи учун амални, кимдир бойликни, кимдир шон-шуҳратни, кимдир инсонлик мартабасини ўзига бош мақсад деб билади. Шахматда шоҳни мот бўлишдан сақлаш учун ҳамма тошлар, ҳатто фарзин ҳам қурбон қилинади. Ҳаётда ҳам шундай. Дунёпараст бойлик деб, шуҳратпараст донг чиқараман деб, амалпараст мансаб деб, керак бўлса ғурурини, ор-номусини бир чеккага йиғиштириб қўяди. Инсонлик мартабасини ҳамма нарсадан устун қўйганлар эса, шаънига гард юқтирмаслик учун ҳар қандай мансабдан, ҳар қандай бойликдан, асъаса-ю, дабдабадан воз кеча олади.

Ўзлигини англаган, аслидан азиз ва мукаррам қилиб яратилгани учун шукр қиладиган, фахрланадиган, шу улуғ мақомда яшашга интиладиган, Яратган ҳузурига ҳам шу мақомда қайтишни умид қиладиган бу зотлар ҳақиқий маърифат эгасидирлар. Бундай инсонлар ўз нафсига ақлини шоҳ қилиб қўяди. Қалби пок, луқмаси ҳалол, сўзи рост, муруввати бериё, ҳукми одил, муомаласи самимий бўлади. Нурли чеҳраларидан, ёқимли нигоҳларидан диллар яйрайди. Бундай инсонлар билан ёнма-ён яшаётганлар, ишлаётганлар, ҳамсуҳбат бўлаётганларга ҳавас қилса арзийди.

Аҳли маърифат бизда ҳамиша бўлган, ҳозир ҳам оз эмас. Лекин аксариятимиз азиз умримизни маърифат эмас, жаҳолат йўлларида ўтказаётганимиз ҳам аччиқ ҳақиқат.

БУГУН БИЗ КИММИЗ?

Бу саволга жавоб излар эканмиз, Чўлпон тили билан айтганда, ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқмай иложимиз йўқ. Айниқса, илғор, маданий давлатлардаги турмуш тарзи билан таниш одамлар ўртадаги катта тафовутни яққол кўрадилар.

Шу хусусда баъзи ҳаётий мисолларни айтиб ўтсам. Мен ҳам бир вақтлар туристлар гуруҳига раҳбар бўлиб Чехословакияга боргандим. Ўшанда Прага шаҳрини айланиб юриб, марказий кўчалардан бирига чиқдик. Светофор, яъни йўл чироқ қизил ёнди. Лекин кўчада бирорта машина йўқ. Маҳаллий халқ транспорт «ҳуқуқи»ни ҳурмат қилиб, тўхтаб қолишди. Бизникилар — зиёли ҳисобланадиган ўқитувчилар, маданият ходимлари, саноат корхоналарининг раҳбарлари — тўда-тўда бўлиб ўтиб кетаверишди. Атрофимиздагилар ҳайрон бўлишди, кейин СССРдан келганимизни билгач, қўл силтаб қўя қолишди.

Мана шу воқеага ҳам салкам қирқ йил бўлди. Бугун ҳам шундаймиз-ку, аксариятимиз оддий йўл қоидасига амал қилишни ҳам ўрганмадик-ку!

Донишманд ёзувчимиз Аҳмад Муҳаммад Турсун «Сиз қандай яшамоқчисиз?» деган китобида Германия сафари таассуротларини баён қилар экан, у ерда ҳам шундай ҳолатни кузатганини ва немисларга хос бошқа муҳим жиҳатларни ҳам ёзади. Масалан, «Меҳмонхонада жомадонимни қулфлаётганимни кўрган фаррош аёл мийиғида кулиб:

— Беркитиб нима қиласан? Бизда ўғрилик бўлмайди, — деганида:

— Сизларнинг одамларингиздан эмас, ўзимизникилардан беркитяпман, -деган гапдан бошқа баҳона тополмадим», дейди.

Маълум бўлишича, бу мамлакатда ҳеч ким бировнинг ҳақига хиёнат қилмайди. Тушиб ётган ҳамёнга қайрилиб ҳам қараб қўймайди. Ёлғон гапирадиган, ваъда бериб, уни бажармаган одам билан қайта муносабатга киришмайди. Жамоат транспортининг бир-икки дақиқа эрта ё кеч келиши фавқулодда ҳол саналади. Учрашувга озгина кечикиб бориш ҳам катта айб саналади. Немисларнинг жамоат жойларида овозини кўтариш, бошқалар эшитадиган қилиб хохолаб кулиш одатлари йўқ экан. Хўш, бизда-чи?..

Европанинг бошқа давлатларида  ҳам ҳамма жойда, ҳамма ишда тартиб-интизомга, қонун-қоидаларга, йўл-йўриқларга қатъий амал қилинар экан. Бизда-чи?..

Скандинавия  давлатларида пора нима, таъма нима билишмайди. Финландия бу жиҳатдан дунёдаги энг тоза давлат ҳисобланади. Бизда-чи?..

Япония, Сингапур фуқароларининг юксак маданиятини ҳозирча фақат орзу қилишимиз мумкин.

Хуллас, бугун кўпчилигимиз кимлигимизни яхшироқ таниб, англаб олишга, ахлоқ-одоб қонунларини ўрганишга, бир-биримизни яхши йўлларга бошлаб, ёмон йўллардан қайтаришга, таълим-тарбия олишга муҳтожлигимизни тан олишдан уялмай, ўзимизни ислоҳ қилишга астойдил бел боғлашимиз шарт бўлиб қолди.

Шу ўринда, айни масала бўйича ўз таклифларимни айтмоқчиман. Демак:

 

  1. «Инсоншунослик» деган дарслик яратиш даркор. У уч қисмдан иборат бўлиши керак, яъни, биринчиси бошланғич, иккинчиси ўрта, учинчиси юқори синфлар учун. Бошланғич синфда оила ва мактаб, ота-она, ўқитувчи, қариндош-уруғлар, синфдошлар ҳақида, улар билан муомала одоблари, шахсий гигиена қоидалари ўргатилиши лозим. Ўрта синфларда ижтимоий одоблар, мантиқ, руҳшунослик, фалсафа фанларига оид дастлабки тушунчалар берилади. Токи ўсмирлар тафаккур қилиш, жамоатга аралашиш, инсонлар билан тўғри муносабат ўрнатиш, ўзаро зиддиятларнинг олдини олиш малакасига эга бўлсинлар. Охирги синфда (бўлажак фуқаро сифатида) жамият аъзоси билиши керак бўлган Конституция, ундаги ҳуқуқлар ва бурчлар ҳақида, шунингдек, оила қуришга тайёргарликка оид билимлар ўқитилиши керак.

 

  1. Халқ йиғинларини ўтказиш керак. Маълумки, Халқ қабулхоналарига ҳамма ҳам боравермайди. У ерга асосан шахсий масалаларга оид ариза-шикоятлар билан мурожаат қилиняпти. Ишчи гуруҳлари эса аҳён-аҳёндагина келиб кетади. Маҳаллалардаги ҳақиқий аҳволни, муаммоларни, ўзгариш қилиш йўлларини шу ерда яшайдиган инсонларнинг ўзлари яхши билишади. Шундай экан, сектор бошлиқлари, маҳалла раислари бошчилигида доимий халқ йиғинларини ўтказиб туришга эҳтиёжимиз бор. Бу йиғинларда ҳудудга тегишли, жумладан, жамоат тартиб-интизоми, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, оилани мустаҳкамлаш, тўй-маросимлар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги масалалар доимий муҳокамага олиниши; қабул қилинган қарорларни амалга оширишга фуқароларнинг ўзлари ҳам кенг жалб этилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 

  1. Жамоаларда соғлом муҳит яратиш бевосита раҳбарларга боғлиқ. Шундай экан, раҳбарларни муқобиллик асосида сайлаб олинса, бу вазифага кўпчилик ишончига сазовор, ҳар жиҳатдан муносиб кишилар келади. Айни вақтда уларнинг ҳисобини эшитиб бориш, сўровномалар орқали фаолиятига баҳо бериш тизими йўлга қўйилиши лозим.

 

  1. Коррупциянинг олдини олиш чораларидан бири сифатида даромад ҳақида декларация тақдим этиш ва буни текшириш механизмини яратиш шарт.

 

  1. Соғлом жамият қуриш учун барча нопок ишлар, жиноятлар учун жазонинг муқаррарлигини амалда кўрсатиш керак. Бу ишларни иқтидорли, ҳалол, сотилмайдиган инсонлар қўлига топшириш лозим.

 

  1. Оммавий ахборот воситалари, хусусан газеталарни оддий хабарномалардан мамлакат ҳаёти турли нуқтаи-назарлардан холис таҳлил қилинадиган, катта-катта муаммолар ечимлари топиладиган, янги-янги ғоялар юзага чиқадиган фуқаролараро мулоқот майдонларига айлантириш керак.

 

  1. Маърифатпарварлар танловини уюштириш даркор. Шахсий ибрати, амалий фаолияти билан маърифат тарқатишда муносиб ҳисса қўшаётган инсонларни аниқлаш, рағбатлантириш учун танловлар ташкил этиш лозим.

Аслида ҳам илоҳий, ҳам дунёвий қонун-қоидалар ҳурмат қилинадиган, юксак ахлоқий қадриятларга асосланган жамиятлар қуриб, инсонга муносиб ҳаёт кечираётган халқлардай яшаш учун биз ҳам барча манбааларга эгамиз. Ер усти, ер ости бойликларимиз етарли. Аждодларимизнинг бебаҳо илмий-маърифий мерослари, энг муҳими Исломдай улуғ динимиз бор. Бу имкониятлардан тўғри фойдаланиб Ватан тараққиётини янги босқичга кўтариш, унинг дунёдаги обрў-эътиборини юксалтириш ҳар биримизга, ҳар биримизнинг маърифат соҳиблари бўла олишимизга боғлиқ эканлиги шубҳасиз.

Ҳошимжон АБДУЖАМИЛ

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил №6-сонидан олинди

1+