ВАБОДЕК ТАРҚАЛАЁТГАН ЮҚУМСИЗ «КАСАЛЛИК»

Замон жуда ўзгариб кетди-да! Чор тарафда ранг-баранглик, хилма-хиллик. Тавба дейин-у, касаллик турлари ҳам кўпайгандан-кўпайяпти. Баъзиларининг номини эшитибоқ ёқа ушлайсан. Мана, энг охиргиларидан бири – эрлардаги ишёқмаслик синдроми. Қаранг-а, шунақасиям бўларкан. Ҳозир ер юзида неччиям фоиз эрлар тамаки тутатганча шу «касаллик»дан азият чекишаётган экан. Юқумсизмиш бу савил, лекин вабодек тарқалаётганмиш. Белгилариям ғалати: юз терисининг қалинлашиб кетиши, фикрларнинг тубанлашуви, юмшоқ диван ва пульт хумори, текинтомоқлик, тебса-тебранмаслик… Жабр бўлди-ей, шўрликларга.

Бу «дард»га мубтало бўлганлар меҳнатнинг ҳар қандай турини ёқтирмай, рад этишаётган экан. Сизни билмадим-у, ўзим бунга тез-тез гувоҳ бўляпман. Узоққа боришга ҳожат йўқ, маҳалламиздаги «бемор»ни олайлик: бозорга қоровулликка чақиришганди, «Алоҳида кабинет беришмас экан», деб қайтиб келди. Ёки танишимнинг ўғлини айтай – кассирликка жойлаб қўйишса, «Кун бўйи бир ғарам пул санайман-у маошим бир тутамгина, ёқмади бу иш» деди-да шартта кетворди. Институтни битирган бир қариндошимизда ҳам шу «касаллик» белгилари бор экан: «Менга атайлаб ғичирлайдиган стул беришди», деб иш жойини тарк этди. «Касаллик»нинг ўткир турига дучор бўлган яна биттаси меҳнат биржасида етти ойдан бери кўрпа-тўшак қилиб ётганмиш – таклиф қилинган элликдан зиёд ишнинг биронтаси ёқмабди!

Энг қизиғи – бу «касаллик»нинг қўзғатувчилари… аёллар экан! Ишонаверинг, дунёнинг манаман деган олимлари ўрганишди бу дарди бедавони, ҳеч қанақа қўзғатувчи вирус-пирус топишолмади. «Касал» эрларнинг оиласини обдон ўрганиб, шуни аниқлашдики, турмушнинг бор ташвишларини елкалаб, ўзини ўтдан-сувга уриб ишлаётган «жони қирқта» аёллар сабаб бечора эрлар ишёқмаслик синдромини орттириб, тўшакка қапишиб ётишган экан. Аёли қанча жавлон уриб ишласа, эрнинг «касали» шунча зўрайиб кетаётган эмиш. Учта штатга қаноат қилмай, тўртта-бешта жойда ишлаётган хотинларнинг оиласида беморлар сони ўғиллари ҳисобига ҳам кўпаяётганмиш. Аёл зотининг эрларга хос масъулиятларни «ўзлаштириб» олишга ўчлиги кучайиб, дард устига чипқон бўлибди.

Сабаб-ку топилди, энди олимлар тиниб-тинчимас бу  «қўзғатувчи»ларни қандай бартараф қилиш мумкин, деб тоза бош қотиришяпти. На эмлаб, на дезинфекция қилиб бўлади… Ўйлаб-ўйлаб, аёлларни вақтинча уйга қамаб туриш, ишлаб пул топишларига йўл қўймаслик керак, деган хулосага келишибди. Беҳад ишчан аёлларимизни бошқачасига ҳеч тўхтатиб бўлмаётган экан-да!

Ҳозирча шу таклиф ўрганиляпти эмиш.  Ҳушёр бўлинг, аёллар, ҳушёр бўлинг!..

Гулчеҳра АСРОНОВА

«Маърифат саодати» газетасининг 2018 йил 3 март сонидан олинди

1+