БИЗНИ ТИНЧ ҚЎЙИНГ, МАДДОҲЛАР!

Ижодкор минбарига ярашадиган, сўзлаганда тингловчи ақлини лол қилган ақл-заковат соҳибларини биламиз. Ўзбекнинг танти шоири бўлган Ғафур Ғуломнинг чапани сўзлари, ҳазил-мутойибалари ва қўлларини сермаб бутун вужуди билан шеър ўқишлари барчани ҳайратга соларди.

Абдулла Қаҳҳорнинг ёш ёзувчилар билан учрашувидаги нутқи давомида ҳатто хонада пашша учса ҳам билинадиган сокинлик, эътибор устунлик қиларди.

Тўғри, минбарда ўзини кўрсатиб, «биз ҳам бормиз» дегандай, минбарни қучоқлаб узундан узун сўзлайдиганлар ҳам бўларди. Билмадим, ўша даврдаги одамларда қатъият бормиди, ҳар ҳолда «урмай, сўкмай» гулдурос қарсак чалиш билан «нотиқ»ни минбардан тушириб юборишарди.

— Тушунмайман, Худо ҳаққи, сира тушунмайман, — деган эди раҳматли устоз Шукур Холмирзаев бир йиғилишдан чиққанидан кейин титраб-қақшаб. — Язувчимисан, язмайсанми, уккағар, нима қиласан бошқаларнинг бошини қотириб! Гапчилигига ўлайми! Қаранг-а, булбулдай сайрашини! Вақтингни бекорга ўтказма, нодон! — У бир нуқтага тикилганича сигаретасини бурқситиб торта бошлади. — Эсиз умр! Қани энди, сутка йигирма тўрт соатдан кўпроқ бўлса! Қиладиган, режалаштирган ишларим кўп. Ёзиб улгура оламанмикан, деб жоним ҳалак. Бу одам бўлса… Вақтни совуришини қара! Ў, уккағар!..

Устоз тенгдошларига нисбатан камроқ умр кўрди, аммо, ўзбек адабиёти хазинасини бойитадиган нодир асарларни бизларга ёдгор қолдириб кетди. Шукур Холмирзаевнинг ҳам минбарда айтадиган гаплари кўп эди. Аммо, у вақтини қизғонар, абадиятга муҳрланадиган сатрлар устида заҳмат чекарди. Шунинг учун ҳам ҳар қандай давралардан четда, хокисор тарзда ижод қилди. Бугун ўзбек адабиётида Шукур акадек куюнчак, тўғри сўз, одиллик тарафдори бўлган, ҳамма нарсадан кўра ижодни устун биладиган, ўзини кўз-кўзлашга интилмайдиган, минбар қучоқлашни севмайдиган ижодкор қолмади, ҳисоб.

Атоқли рус ёзувчиси Чехов таърифлаганидек, ижодкорларимизнинг кўпи «ғилоф»га ўраниб олган. Ўзидан ўзгани тан олишни, ўзидан устунларга тан беришни, бошқаларга йўл беришни хоҳламайди.

Мен юқорида устозимиз Шукур Холмирзаевнинг жиғибийрон бўлганини бежизга хотирламадим. Бугунги кунда ҳам минбарни маҳкам қучоқлаб олиб, ваъзхонлик қилаётган, бошқаларнинг қимматли вақтларини ўғирлаётган «қаламкашлар» кўп. Ҳеч бир йиғилиш йўқки, бу минбарпарастлар унда иштирок этмаган, йиғилиш якунида (одамлар енгил тин олганда) минбарга кўтарилиб, уларнинг кайфиятини палағда қилмаган бўлса!

Телевизорни ёқсангиз ҳам, албатта, бирор ижодкор панд-насиҳат қилаётган бўлади. Балки, насиҳат эшитаётганнинг ёши ундан улуғроқдир, бироқ воизнинг бу билан иши йўқ. Газета-журналларда ҳам шундай. Вой, бу «ҳасан-ҳусан» насиҳатлар-эй! Бир жойда «Али» бўлса, бошқа жойда «Вали» деб ёзилади. «Фақат шу одамгина борми? Бошқаларнинг насиҳат қилишга ҳақ-ҳуқуқлари йўқми?» дейсиз ҳайрат ва таажжубдан ёқа ушлаб. Аммо ҳеч ким уларга танбеҳ бермайди. «Тегирмон ҳам навбати билан бўлишини» эслатмайди. Қарабсизки, воиз «мендан ақлли, мендан доно йўқ» дегандай, «қанотини» кенг ёзади. Катта йиғилишларда баъзи раҳбарларга бундайлар жуда қўл келади-да. Айрим пайтларда сўз берилмаса ҳам, қўл кўтариб минбарга чиқадиганларни кўриб, уят ва номусдан нақ ерга кириб кетай дейсиз. У минбарга шунчаки эмас, катталарнинг назарига тушиш, улардан манфаат кўриш учун чиқади.

Яқинда хом-хатала китоблар муаллифларидан бири бир йиғилишда сўз олиб, раҳбарларнинг қўлтиғига пар тиқди. Узундан-узоқ мақтов, ҳамд-санолари камлик қилгандай, янги раҳбарга бағишлаган шеърини қўлларини сермаб, «илҳом» билан ўқиб ҳам берди. У шеър ўқияпти-ю, таажжубдан тепа сочим тикка бўлмоқда. Адашмасам, бу шеърни бундан аввал ҳам тинглаганман. Ўшанда ҳам бу «ижодкор» қайсидир раҳбарнинг шаънига мадҳия ирод қилиб, айни шу шеърини ўқиганди…

…Вақтинг кетди, нақдинг кетди. Чиндан ҳам ижодкор бўлсанг, минбарни қучоқламай, бирор тузукроқ асар ёзсанг-чи! Шу дамга қадар сариқ чақага арзимайдиган «асар»ларинг билан адабиётни «лойқалатиб» келдинг! Йилтироқ муқовали китобларинг ҳалиям китоб дўконларини банд қилиб ётибди. Ҳар томонлама танилиб бўлгансан, сенинг қандай одамлигинг барчага аён. Энди бундан буён ёшларга йўл бер! Ҳаётингда лоақал бир марта жўмардлик қил — сайланмаларингни нашр қилдирма! Қанча истеъдодлилар пана-пастқамда, китобларини нашр қилдира олмай, камхаржликдан қисиниб юришибди. Ўшаларга ҳиммат қил!

Булар бир менинг гапларим, бир ўзимнинг фикрларим эмас. Булар — адабиётни муқаддас билган ҳар бир юртдошимизнинг ҳайқириғи! Мақсадимиз – маддоҳларнинг, минбарпараст “ижодкор”ларнинг кўзларини очиш, инсофга чақириш.

Сотволди Ражабов

«Маърифат саодати» газетасининг 2018 йил 2 апрел сонидан олинди

 

0