БЕҲАЙБАТ БАҲАЙБАТЛАР

«Дўм»да турган маҳалимда ишдан қайтиб уйга кириб олиш бироз мушкул, бироз хижолатлик эди. Айниқса, ёзнинг иссиқ кунларида кираверишнинг икки тарафида қўшни аёллар симдаги қалдирғочнинг болаларидек тизилиб, «чуғурлашиб» ўтиришар, уларнинг орасини ёриб ўтиш ноқулай бўлар эди. Бунинг устига, баъзилари ердаги бетонга чўкиб, оёғини бор бўйига узатиб юборади…

«Нима бало, буларнинг уйида юмуши йўқми?» дея энсам қотарди. Эркаклик ҳайбатим бўлмаса керак, деб ўзимдан хафа бўлардим ҳатто. Аммо кейинчалик, соқол қўйиб, бошга дўппи кийганда ҳам бу ҳайбат ўлгур пайдо бўла қолмади. Асли йўқ нарса либос билан ҳам бўлмайди, демоқчимисиз? Майли, фикрингизга қарши эмасман. Аммо ўзингиз ҳам атрофингизга бир эътибор берсангиз, не-не баҳайбатларнинг ҳам беҳайбат эканини кўрасиз. Масалан, неча марталаб кўчада, йўлакда, ишхонангиз олдида басавлат-басавлат эркаклар билан гурунглашиб турганингизда ораларингизни – ёшдир, жувондир, ўрисдир, ўзбекдир – ожизалар ёриб ўтмаганми? Заррача сесканмай, истиҳола қилмай, уялмай-нетмай, бошини ғоз кўтариб, мардонавор (яъни эркакчасига) ўтиб кетишади, тўғрими?

Тўйхоналарнинг олдида тўйдан чиқиб, таниш-билишлар билан гаплашиб турганингизда ҳам шу ҳолатга дуч келган бўлишингиз керак. Эркаклардан қочиб, йўлнинг нариги томонидан ўтиб кетадиган қиз-аёллар йўқ эмас, ҳатто улар кўпроқ ҳам. Аммо қудуққа битта кичкина сичқон тушиб ўлса, ҳамма сувни ҳаром қилганидек, баъзи ҳолатларда кам нарса кўпни қамраб олади. Гарчи, ҳозир аёлларга қалам нуқаётган бўлсам-да, аслида, ўзимни, ўзимизни айбламоқчиман. Кўчада қиз-аёлларнинг ҳеч сесканмай ораларимизни ёриб ўтишига қараб ўйлайманки, биз эрлар ростдан ҳам ҳайбатимизни йўқотиб қўйдиг-ов. Сиримиз сочилиб кетганга ўхшайди. Кўчанинг хўжайини аёллар билан болалар бўлиб қолди. Ҳолбуки, ота-боболаримиз бунақа бўлмаган…

Шулар ҳақда жиддий бош қотирсак дейман…

Абдуғафур ИСКАНДАР

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 28 феврал №4 сонидан олинди

1+